Тошкентда Марказий Осиёда тубуркулёзга қарши кураш масалаларига бағишланган 5- халқаро конференция бўлиб ўтмоқда

None
None
TASHKENT. Kazinform - Тошкентда Марказий Осиёда туберкулёзни интеграциялашган тарзда назорат қилиш бўйича бешинчи халқаро конференция ўз ишини бошлади. Бу ҳақда Kazinform Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига таяниб хабар беради.

Уч кун давом этадиган мазкур тадбир Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ҳамда АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, KfW тараққиёт банки, Силни тўхтатиш (Stop TB Partnership) ҳаракати кўмагида ташкил этилган.

Тадбирда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Улуғбек Собиров, АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Даниел Розенблюм, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лиан Куппенс ҳамда Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Наргиза Парпиева иштирок этмоқда.

Бундан ташқари, анжуманда Ўзбекистон, АҚШ, Германия, Австралия, Швейцария, Латвия, Украина, Молдова, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон каби қатор давлатлардан 300 нафардан ортиқ соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари онлайн ва офлайн тарзда қатнашмоқда. Тадбир ҳукуматнинг COVID-19 пандемияси даврида туберкулёзга қарши кураш дастурларини амалга ошириш ва барқарор молиялаштириш имкониятларини шакллантиришга, шунингдек, туберкулёзга қарши кураш билан бир қаторда пандемия муаммоларини ҳал қилишга қаратилган.


Анжуманнинг очилиш маросимида с АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниел Розенблюм иштирок этмоқда.

Анжуманда таъкидланганидек, силни тугатиш стратегиясининг мақсади — 2025 йилга келиб, туберкулёз касаллигини 50 фоизга, ундан ўлим ҳолатларини эса 75 фоизга камайтириш (2015 йилга нисбатан). Ўзбекистон Миллий туберкулёзга қарши дастури Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг туберкулёзни ташхислаш ва даволаш бўйича юқори даражали йиғилишининг мақсадларига эришишга қаратилган бўлиб, дори-дармонларга чидамли туберкулёз, болалардаги туберкулёз ва бу касалликдан даволанаётган беморларга алоҳида эътибор қаратилади.


Марказий Осиё мамлакатлари туберкулёз касаллигининг тарқалишини чеклашда сезиларли ютуқларга эришганларига қарамай, унинг дори-дармонларга чидамли шакллари минтақада юқори даражада бўлиб қолмоқда. Айниқса, COVID-19 пандемияси вазиятни янада мураккаблаштириб, беморларнинг тиббий кўрикдан ўтиш имкониятларини пасайтирди.

Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиёда туберкулёзга қарши кураш масалаларига бағишланган аввалги тўртта халқаро конференция USAIDнинг қўллаб-қувватлаши асосида Қозоғистоннинг Нур-Султан (2019 йилда), Тожикистоннинг Душанбе (2018 йилда), Қирғизистоннинг Бишкек (2017 йилда) ва Қозоғистоннинг Алмати (2016 йилда) шаҳарларида бўлиб ўтган эди.

Тошкентда бўлиб ўтаётган Марказий Осиёда туберкулёзга қарши кураш масалаларига бағишланган бешинчи халқаро конференция 20 сентябрга қадар давом этади.


Сўнгги хабарлар